Тошкентда Кореяга ишга жойлаштириш баҳонасида гумонланувчилар ушланди
Тошкентда Кореяга ишга жойлаштириш баҳонасида гумонланувчилар ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Жанубий Кореяга ишга жойлаштиришни ташкил этишни ваъда қилиб фирибгарлик қилганликда гумон қилинаётган икки нафар шахсни қўлга олди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар қилди.
Идора маълумотларига кўра, А. Ҳ. ва Н. А. А. С. исмли фуқаронинг ишончига кириб, гўё ўзларининг юқори лавозимли танишлари орқали уни Жанубий Кореяга ишга жойлаштириш ва яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бу хизматлар учун улар 55 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Гумонланувчилар аввалдан келишилган маблағнинг бир қисми бўлган 25 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.