Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Хитойлик инвесторлар Фарғона вилоятида янги лойиҳаларни ўрганмоқдалар

UzDaily таҳририяти · 24.07.2026 · 12:45 · 26 views
Хитойлик инвесторлар Фарғона вилоятида янги лойиҳаларни ўрганмоқдалар

Хитойлик инвесторлар Фарғона вилоятида янги лойиҳаларни ўрганмоқдалар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарлари томонидан белгиланган устувор вазифалар асосида ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам изчил кенгайиб, Фарғона вилояти билан Хитойнинг қатор вилоятлари ва ишбилармон доиралари ўртасида инвестиция, саноат ва савдо соҳаларида ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг "Guangdong Home Building – Decoration Materials Chamber" компанияси бош директори Ин Юйсин бошчилигидаги хитойлик салоҳиятли компания раҳбарларидан иборат делегацияни қабул қилди.
Учрашувда хитойлик инвесторлар томонидан Фарғона вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳалари бўйича фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар жадал суръатларда ривожланиб бораётгани, бу жараён ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.

Мулоқотда инвесторлар томонидан вилоятимизда, хусусан, Бағдод туманида қурилиш материаллари ҳамда металл конструкциялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, саноатнинг бошқа истиқболли йўналишларида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари тақдим этилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билдирилган ҳар бир истиқболли лойиҳа вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, уларни амалга ошириш жараёнида масъул мутасаддилар томонидан ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатилишини билдирди.

Учрашув якунида аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда ҳамкорлик ишларини янада жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.