Ўзбекистонга пул ўтказмалари 9,3 млрд долларга етди
Ўзбекистонга пул ўтказмалари 9,3 млрд долларга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–июнь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 9,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозорига оид шарҳида маълум қилинган.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида мамлакатга келиб тушган 8,2 миллиард долларга нисбатан 13 фоизга, 2024 йил биринчи ярмидаги 6,5 миллиард долларга нисбатан эса 44 фоизга юқори бўлди.
Ҳисобот даврида халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатдан чиқиб кетган маблағлар ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич сўнгги уч йил давомида деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Хусусан, 2024 йилда у 1,25 миллиард доллар, 2025 йилда эса 1,23 миллиард доллар бўлган.
Натижада халқаро пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 8 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 7 миллиард долларни ташкил этган эди.
Халқаро пул ўтказмалари оқимининг ўсиши ички валюта бозори барқарорлигини таъминлаган асосий омиллардан бири бўлди.
Экспорт тушумларининг кўпайиши ва аҳоли томонидан валюта сотуви ҳажмининг ўсиши билан бирга, бу омил валюта таклифи ўсиш суръатининг талабдан юқори бўлишини таъминлади ҳамда миллий валюта курсининг барқарор сақланишига хизмат қилди. Июнь ойи охири ҳолатига кўра, бир АҚШ долларининг расмий курси 12 009 сўмни ташкил этиб, йил бошидаги даражада сақланиб қолди.