Ўзбекистоннинг халқаро захиралари августда 72,1 млрд долларга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банкининг олтин-валюта захиралари август ойи якунига кўра 64,4 миллиард доллардан 72,1 миллиард долларга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Бир ой давомида хорижий валютадаги захиралар ҳажми, 7,7 миллиард доллардан 6,6 миллиард долларга қисқарди.
Жами захиралар ўсишига асосий ҳиссани олтин қўшди: захиралар таркибида олтин қиймати 8,8 миллиард долларга ошиб, 64,9 миллиард долларга етди. Олтиннинг физик ҳажми эса 13,8 миллиондан 14,1 миллион трой унцияга кўпайди.
Олтин захиралари қийматининг ошиши жаҳон бозорида қимматбаҳо металл нархининг ўсиши билан бир вақтга тўғри келди. Август ойида олтин нархи 13,6 фоизга ошиб, бир трой унция учун 4602 долларга етди. 7 сентябрь ҳолатига кўра, котировкалар бир унция учун қарийб 4400 долларга тушди.
Июль ойида кескин қисқарганидан сўнг, тартибга солувчининг портфелидаги халқаро қимматли қоғозлар ҳажми августда деярли ўзгармади ва 1,8 миллиард долларни ташкил этди. Уларнинг халқаро захиралар таркибидаги улуши қарийб 2,4 фоизни ташкил қилади.
Умуман олганда, ҳозир Ўзбекистоннинг жами халқаро захираларининг қарийб 90 фоизи олтин ҳисобига тўғри келади, хорижий валютадаги захиралар улуши эса тахминан 9 фоизни ташкил этади. Захира активларининг қолган қисми махсус қарз олиш ҳуқуқлари (СДР)дан шаклланган бўлиб, уларнинг ҳажми август ойи охирида 571 миллион долларни ташкил этган.