Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Технологиялар

Ўзбекистон Париждаги Халқаро космик саммитда иштирок этади

Дилафруз Ниязова · 09.09.2026 · 12:10 · 20 views
Ўзбекистон Париждаги Халқаро космик саммитда иштирок этади
Ўзбекистон Париждаги Халқаро космик саммитда иштирок этади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 9–10 сентябрь кунлари Парижда бўлиб ўтадиган Халқаро космик саммитда иштирок этади.

Тадбир космик соҳанинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун турли давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий ҳамжамият ҳамда хусусий сектор вакилларини бир жойга тўплайди.

Саммит Франция ва Германия ҳамраислигида ўтказилади. Унда космик саноат иқтисодиёти, хавфсизлик, илм-фан, экология, тартибга солиш, Европанинг роли ва космик фаолиятни глобал бошқариш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилган.

Франция Гвиана космик маркази каби етакчи миллий инфратузилмалар, шунингдек, Европа космик саноати айланмасининг қарийб ярмини таъминлайдиган саноат тармоғи туфайли Европа космик секторида алоҳида ўрин тутади.

Мамлакатнинг илмий салоҳияти ва халқаро ҳамкорликнинг ривожланган тармоғи унга космосга мустақил, барқарор ва рақобатбардош киришга қаратилган Европа космик сиёсатини шакллантиришда етакчи роль ўйнаш имконини беради.

Саммитнинг асосий йўналишларидан бири 1967 йилда қабул қилинган Космос тўғрисидаги шартнома бўлади. У халқаро космик ҳуқуқнинг асоси сифатида қаралади. Тадбир Радиоалоқа бўйича Жаҳон конференцияси ҳамда космосни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланишга бағишланган UNISPACE IV конференцияси арафасида ўтказилади.

Саммит дастури тўртта асосий йўналишни қамраб олади. Иштирокчилар космик макон хавфсизлиги, жумладан, мулоқот, мудофаа ва ҳамкорликнинг аҳамияти, шунингдек, космик муҳитни асраш, космик фаолият барқарорлиги ва космосга эркин киришни таъминлаш масалаларини муҳокама қилади.

Космик хизматларнинг рақобатбардошлиги ва уларни жаҳон иқтисодиёти манфаатлари йўлида узоқ муддатли ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, космик соҳадаги янги иқтисодий имкониятлар ва уни Европа даражасида бирлаштириш вазифалари муҳокама қилинади.

Яна бир йўналиш космик маконни глобал ва масъулиятли бошқаришга бағишланади. Ташкилотчилар таъкидлашича, космос умумий бойлик ҳисобланади ва у ҳуқуқий меъёрлар билан тартибга солинмайдиган маконга айланмаслиги керак.

Тўртинчи мавзу космоснинг илмий тадқиқотлар, коинотни ўрганиш ва технологик ривожланишдаги роли, шунингдек, ёшларни илҳомлантириш ва сафарбар этишдаги аҳамияти билан боғлиқ.

Париждаги Гран-Пале мажмуасида ўтказиладиган тадбирда 2 мингдан ортиқ иштирокчи ва 100 та хорижий делегация қатнашиши кутилмоқда.

Улар орасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, парламент аъзолари, олимлар, ҳарбийлар, космонавтлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти, маҳаллий ҳокимият органлари ва тараққиёт банклари вакиллари бўлади.

Ўзбекистон саммитда космик сектор иштирокчиси сифатида намоён бўлади.