Пўлат Бобожонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Президент Администрациясидаги лавозимидан озод этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пўлат Бобожонов Ўзбекистон Президентининг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан бошқа ишга ўтиши муносабати билан озод этилди. Тегишли фармонни Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолади.
Қарор Президент Администрацияси тузилмасини мақбуллаштириш доирасида қабул қилинди.
Жумладан, Президент Администрацияси тузилмасида Президентнинг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ҳамда тегишли бўлинма тугатилди.
Шу билан бирга, ишнинг айрим йўналишлари бошқа бўлинмалар ўртасида қайта тақсимланди. Хусусан, Комплаенс хизмати зиммасига давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари ҳам қўшимча равишда юклатилди.
Комплаенс хизматининг қўшимча вазифалари қаторига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳам киритилди.
Яна бир ўзгариш Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси фаолияти йўналишларининг кенгайтирилиши бўлди. Унинг қўшимча вазифалари қаторига маҳалла институти фаолияти самарадорлигини янада ошириш киритилди.
Кадрлар ва тузилмадаги ўзгаришлар Президент Администрацияси фаолиятини мақбуллаштириш доирасида бўлинмалар ўртасида вазифаларни қайта тақсимлашни назарда тутади.
Пўлат Бобожонов Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди.