Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Туризм

Ўзбекистонда гидлар учун малака тоифалари жорий этилади

Дилафруз Ниязова · 08.09.2026 · 17:20 · 27 views
Ўзбекистонда гидлар учун малака тоифалари жорий этилади
Ўзбекистонда гидлар учун малака тоифалари жорий этилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил 1 декабрдан гидлар ва гид-таржимонларга малака тоифаларини бериш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.

Тегишли чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 468-сон қарори — «Ўзбекистон Республикасида экскурсия хизматларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжатда назарда тутилган.

Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти гидларнинг хоҳишига кўра уларга малака тоифаларини бериш ваколатига эга бўлади. Малака сертификати чекланмаган муддатга берилади.

Шу билан бирга, сўнгги икки йил давомида касбий фаолият билан шуғулланмаган гидлар ва гид-таржимонлар малака имтиҳонини қайта топшириши керак бўлади.

Малака тоифаси ихтиёрий асосда берилади. Унинг мавжуд эмаслиги гиднинг қонунчиликда белгиланган тартибда олинган малака сертификати мавжуд бўлган тақдирда фаолият юритиш ҳуқуқини чекламайди.

Қарор билан малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжатда тўртта тоифа белгиланган: ҳаваскор гид, ихтисослаштирилган гид, профессионал гид ва «Олтин фонд» гид.

Тоифани белгилашда касбий билим ва амалий кўникмалар, экскурсияларни ташкил этиш ва ўтказиш қобилияти, экскурсия намойиши объектлари ҳақидаги билим даражаси, сайёҳлар билан мулоқот маданияти, хорижий тилларни билиш ҳамда касбий этика қоидаларига риоя қилиш ҳисобга олинади.

Тоифа касбий имтиҳон натижаларига кўра белгиланади. 56 фоиздан 70 фоизгача бўлган натижа ҳаваскор гид тоифасига, 70 фоиздан 85 фоизгача — ихтисослаштирилган гид тоифасига, 86 фоиздан 100 фоизгача бўлган натижа эса профессионал гид тоифасига мос келади.

Шундай қилиб, янги тартиб гидларни малака тоифалари бўйича ихтиёрий таснифлаш тизимини назарда тутади. Бунда амалдаги малака сертификати асосида фаолият юритиш имконияти сақланиб қолади.