Ўзбекистонда болаларни ташиш бўйича 170 та қоидабузарлик аниқланди
Ўзбекистонда болаларни ташиш бўйича 170 та қоидабузарлик аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари 1–12 май кунлари ўтказилган рейд тадбирлари давомида мактабгача ёшдаги болаларни ноқонуний ва хавфли тарзда ташиш билан боғлиқ 170 та ҳолатни аниқлади. Бу ҳақда йўл-патруль хизмати рейдлари давомида маълум қилинди.
Идора маълумотига кўра, мазкур ҳолатларда 3872 нафар бола йўл ҳаракати қоидалари бузилган ҳолда ташилган ва уларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига реал хавф туғдирилган. Аниқланган фактлар бўйича ота-оналар ва масъул шахсларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилмоқда.
Алоҳида қайд этилишича, аниқланган қоидабузарликлар орасида ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт бошқариш, шунингдек илгари ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар томонидан болаларни ташиш ҳолатлари ҳам учраган. Айрим ҳолларда эса маст ҳолда транспорт бошқариш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Мисол сифатида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларидаги ҳолатлар келтирилган. Хусусан, Бухоро вилоятида болалар маст ҳолдаги ҳайдовчига ишониб топширилгани айтилади. Сирдарё вилоятида эса ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс 23 нафар болани Damas автомобилида мактабгача таълим муассасасига олиб бораётганда ушланган. Наманган вилоятида эса ҳайдовчилик гувоҳномасисиз шахс 18 нафар болани ташиб, қарама-қарши йўлакка чиққан ҳолда ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган.
Шунингдек, Навоий вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вояга етмаган йўловчилар жароҳат олгани қайд этилган. Идора таъкидлашича, бундай ҳолатлар болаларни ташиш қоидаларига риоя этмаслик қанчалик юқори хавф туғдиришини кўрсатади.
ЙПХ ходимлари ота-оналар ва таълим муассасалари масъулларини болалар хавфсизлигига жиддий эътибор қаратишга ҳамда белгиланган талабларга зид ҳолда ташишга йўл қўймасликка чақирди. Бу йўналишдаги назорат рейдлари давом эттирилади.