Ўзбекистон ва Малайзия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев Малайзиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рафидаҳ Абд Азиз, Малайзия Пальма ёғи кенгаши (MPOC) бош директори Белвендер Срон ҳамда Малайзия делегацияси вакиллари билан учрашди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ёғ-мой саноатини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар соҳада илғор тажрибаларни ўрганиш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Мазкур учрашув Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Food Safety & Innovation: Palm Oil Solutions for Central Asia” халқаро форуми доирасидаги тадбирлар давомида ташкил этилди.