Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Хитой энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

UzDaily · 17.06.2026 · 17:22 · 25 views
Ўзбекистон ва Хитой энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Хитой энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молия институтлари делегациясини қабул қилди.

Учрашувда “China Energy Engineering Corporation”, “China Datang”, “Sinoma Energy Conservation”, “China Southern Power Grid”, “CAMCE”, “CNNC”, “State Nuclear Uranium Resource Development” компаниялари раҳбарлари ҳамда “The Export-Import Bank of China” ва “Bank of China” вакиллари иштирок этди.

Энергетика ва геология соҳаларида ўзаро манфаатли юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш, банк-молия борасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги савдо-иқтисодиёт ва инвестиция йўналишларида жадал суръат билан ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Йилнинг ўтган даврида товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард доллардан ошди, Хитойдан 8 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди. Мамлакатимизда қарийб 6 мингта қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

“Яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда энергияни сақлаш тизимлари қурилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда фотоэлектр станциялар қувватини кенгайтириш, агровольтаикани жорий этиш ва электр узатиш линияларини қуриш каби янги ташаббусларни бошлаш режалари қўллаб-қувватланди.

Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш, дата-марказлар ва бошқа замонавий технологик ечимларни ривожлантириш соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тоғ-кон ва геология соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Бу борада конларда биргаликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва уларни ўзлаштириш, муҳим хомашёни етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Музокараларда Хитойнинг йирик банклари билан молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди. Инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль йўллари ва гидроэлектростанцияларини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари давлатимиз раҳбарига проактив мулоқот учун миннатдорлик билдириб, эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишга қатъий интилишини тасдиқладилар.

UzDaily · 👁 25 views · 17.06.2026 · 17:22