Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси макроиқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси макроиқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг Баҳорги йиғилишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори Жиҳад Азур ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни пасайтириш, фискал интизомни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, ХВЖнинг IV-модда миссияси доирасидаги тавсиялар ижроси, давлат қарзини бошқариш тизимини такомиллаштириш, солиқ ва божхона ислоҳотларини чуқурлаштириш, шунингдек, пенсия тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири, жумладан савдо, транспорт йўлаклари, инфляция ва озиқ-овқат хавфсизлигига бўлган эҳтимолий таъсирлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.