Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистон ва Туркия фуқаролар учун пенсия таъминоти бўйича келишувга эришмоқда

UzDaily таҳририяти · 25.06.2026 · 13:40 · 34 views
Ўзбекистон ва Туркия фуқаролар учун пенсия таъминоти бўйича келишувга эришмоқда

Ўзбекистон ва Туркия фуқаролар учун пенсия таъминоти бўйича келишувга эришмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Туркия Республикасининг Кушадаси шаҳрида Пенсия жамғармаси ҳамда Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ва Ижтимоий таъминот муассасаси (SGK) вакиллари иштирокида пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтмоқда.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Ижтимоий таъминот тўғрисидаги Битим ҳамда мазкур Битимни амалга ошириш бўйича Маъмурий келишув лойиҳалари юзасидан муҳокамалар олиб борилмоқда.

Томонлар биринчи раунд доирасида кўтарилган айрим масалаларни кўриб чиқиб, Битим ва Маъмурий келишув лойиҳалари матнларини тўлиқ мувофиқлаштириш ҳамда уларни юқори даражада имзолашга тайёр ҳолатга келтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқдалар.

Мазкур ҳужжатлар икки давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг пенсия ва ижтимоий таъминот ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан пенсия таъминоти соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.