Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари минтақавий транспорт интеграциясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари минтақавий транспорт интеграциясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркистон шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Самимий мулоқотда Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажми жадал ўсиб, саноат, қишлоқ, сув хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари, энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини жадаллаштириш чоралари муҳокама қилинди.
Шунингдек, етакчилар минтақавий кун тартибининг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
#Шавкат Мирзиёев