Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон давлат органлари ҳамда илмий-таълим муассасалари вакиллари 11–24 октябрь кунлари Сеул, Соннам ва Инчхон шаҳарларида бўлиб ўтган гиёҳвандлик воситалари назорати масалаларига бағишланган халқаро семинарда иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти хабар берди.
Семинар 2026–2028 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари устидан миллий назорат соҳасида давлат органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ташаббус Ўзбекистон Криминология тадқиқот институти томонидан Корея Криминология ва адлия институти (KICJ) билан ҳамкорликда, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида амалга оширилмоқда.
Икки ҳафталик дастурда давлат органлари ва илмий-таълим муассасаларининг 15 нафар вакили иштирок этди.
Тадбир KOICA кўмагида KICJ томонидан ташкил этилди.
Иштирокчилар Жанубий Кореянинг гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ёндашувлари билан танишди. Машғулотларнинг алоҳида қисмлари сунъий интеллектдан фойдаланиш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, шунингдек, божхона органлари ва Қирғоқ қўриқлаш хизмати фаолиятида кўчма рентген ускуналарини қўллаш масалаларига бағишланди.
Дастурдан янги психоактив моддаларни аниқлаш ва суд-кимёвий экспертизалар ўтказиш, шунингдек, интернет орқали гиёҳвандлик воситалари тарқалишига қарши курашиш масалалари ҳам ўрин олди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Жанубий Корея вакиллари гиёҳвандликка қарамлиги бўлган инсонларни даволаш ва реабилитация қилиш, шунингдек, уларнинг жамиятда тўлақонли ҳаётга қайтиши бўйича тажриба алмашди.
Криминология тадқиқот институти маълумотига кўра, лойиҳа криминология ва гиёҳвандликка қарши кураш соҳаларида Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.