Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 апрель куни Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик баҳорги йиғилишлари доирасида Жаҳон банкининг ривожланишни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акиҳико Нишио ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилувчи юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг изчил ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар макроиқтисодий кўрсаткичларни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, халқаро молия ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларини ривожлантириш ҳамда истиқболдаги устувор режалар юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, доимий ва самарали мулоқот механизмларини йўлга қўйиш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.