Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг 15 ёшгача бўлган футбол бўйича ўсмирлар терма жамоаси Озарбайжонда бўлиб ўтадиган тарихдаги илк FIFA U-15 World Cup Festival 2026 турнирининг гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олди.
Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон, Багама ороллари, Гана, Гуам ва Мьянма ўсмирлар терма жамоалари билан бирга W гуруҳидан жой олди.
Турнир жорий йилнинг 22–31 октябрь кунлари Боку шаҳрида ўтказилади. Унда 191 та мамлакатнинг ўсмирлар терма жамоалари иштирок этади ва улар 32 та гуруҳга бўлинган.
Гуруҳ босқичи 24–26 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Мусобақа формати юқори жадалликни назарда тутади: ҳар бир жамоа уч кун давомида бештадан учрашув ўтказади. Айрим кунларда терма жамоалар иккитадан ўйинда майдонга тушади.
Плей-офф босқичига чиқиш учун Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси гуруҳда Қозоғистон, Багама ороллари, Гана, Гуам ва Мьянма вакилларидан юқори натижа қайд этиши керак бўлади.
Ташкилотчилар бўлажак FIFA U-15 World Cup Festival 2026 мусобақасини ФИФА учун экспериментал ва тарихий турнир деб атаган. Бу ушбу ёш тоифасидаги футболчилар учун шу форматда ўтказиладиган биринчи жаҳон чемпионати ҳисобланади.