Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон МДҲ давлатлари ички ишлар вазирликларининг кибержиноятчиликка қарши кураш учун масъул бўлинмалари раҳбарлари ўртасида мунтазам ҳамкорлик форматини ташкил этишни таклиф қилди.
Ташаббус Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
2 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон делегациясига ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлик қилди.
Учрашув доирасида делегациялар раҳбарларини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон қабул қилди.
Томонлар терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, шунингдек, киберхавфсизлик, ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Эмомали Раҳмон МДҲ давлатлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорлик ривожланаётганини қайд этиб, минтақавий ҳамжиҳатлик ва қўшма ёндашувларни мувофиқлаштиришни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ички ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари раҳбарлари иштирок этди.
Шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудларида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноят турларига қарши курашни мувофиқлаштириш бюроси, Ҳамдўстлик Ижроия қўмитаси ҳамда МДҲ Терроризмга қарши кураш маркази вакиллари ҳам қатнашди.
Иштирокчилар кўп томонлама ва икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек, 2029–2033 йилларга мўлжалланган Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг Давлатлараро дастурини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди.
Йиғилиш якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Уларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон ахборот алмашинуви, жиноятчиликка қарши курашиш учун геном маълумотларини алмашиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва шахсларни давлатлараро қидириш соҳаларидаги ҳамкорлигини ривожлантириш назарда тутилган.
Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган трансмиллий жиноятларга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари ички ишлар вазирликларининг кибержиноятчиликка қарши курашувчи бўлинмалари раҳбарлари учрашувларини ташкил этиш ташаббуси Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди ва имзоланди.
Таклиф этилаётган формат кибержиноятчиликнинг трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда тезкор бўлинмалар раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ва бюрократик тартиб-таомилларни қисқартиришга қаратилган.
Мунтазам учрашувлар тажриба алмашиш, ахборот технологиялари соҳасидаги таҳдидларни биргаликда таҳлил қилиш ҳамда виртуал маконда трансмиллий жиноятчиликка қарши чораларни ишлаб чиқиш имконини бериши керак.
Йиғилиш якунлари бўйича томонлар институционал ҳамкорликни давом эттириш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.