Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон Ҳиндистон бизнесига ўзининг инвестиция салоҳиятини тақдим этди

UzDaily таҳририяти · 04.08.2026 · 18:05 · 23 views
Ўзбекистон Ҳиндистон бизнесига ўзининг инвестиция салоҳиятини тақдим этди
Ўзбекистон Ҳиндистон бизнесига ўзининг инвестиция салоҳиятини тақдим этди / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ҳиндистон Республикасига амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация таркибида Ҳиндистон Республикасининг Савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял билан учрашувда иштирок этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда фармацевтика соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмаларни жорий этиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан мулоқотларни изчил давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.