Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбек картошкасининг "Фонтане" нави Бомиёнда синовдан ўтказилди

UzDaily таҳририяти · 27.07.2026 · 16:10 · 17 views
Ўзбек картошкасининг "Фонтане" нави Бомиёнда синовдан ўтказилди

Ўзбек картошкасининг "Фонтане" нави Бомиёнда синовдан ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги аграр ҳамкорлик доирасида Бомиён вилоятида тажриба тариқасида экилган «Фонтане» навли картошка майдонларининг ҳолати ўрганилди.

Лойиҳа доирасида жами 17 гектар майдонга экспортбоп ва саноатда қайта ишлаш учун мос юқори ҳосилли картошка экилган. Экинлар Бомиённинг Шаҳидон, Фолоди ва марказий ҳудудларида жойлашган.

«Фонтане» нави юқори ҳосилдорлиги, сақлашга чидамлилиги ва картошка фри ҳамда бошқа қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мослиги билан жаҳон бозорида кенг қўлланилади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъуллари майдонларга ташриф буюриб, экинларнинг ҳолати, парвариш жараёни ва уруғлик сифати билан танишди. Маҳаллий мутахассислар иштирокида ҳосилдорликни оширишга қаратилган амалий маслаҳатлашувлар ҳам ўтказилди.

Дастлабки кузатувларга кўра, экинлар яхши ривожланмоқда ва гектаридан 40–45 тонна атрофида ҳосил олиниши кутилмоқда.

Агар лойиҳа кутилган натижани берса, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва келгусида Бомиён вилоятидан Ўзбекистонга 300 минг тоннагача юқори сифатли картошка етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги аграр кооперацияни мустаҳкамлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.