Ўзбекистон

Ўзбек-Француз университети ва бизнес-палата меморандум имзолади

Ўзбек-Француз университети ва бизнес-палата меморандум имзолади
Ўзбек-Француз университети ва бизнес-палата меморандум имзолади / Фото: Франция – Ўзбекистон Иқтисодий палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбек-Француз университети ва тадбиркорлар ассоциацияси «Франция – Ўзбекистон Иқтисодий палатаси» университетдаги таълимни бизнес муҳити билан яқинлаштиришга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат 2026 йил 6 октябрь куни Ўзбекистондаги Франция элчисининг қароргоҳида имзоланди. Бу ҳақда палата маълум қилди.

Меморандумни университет ректори Нурмуҳаммад Юсупов ва палата раиси Алишер Ҳайтметов имзолади. Ҳужжат уч йил муддатга тузилди.

Палата 60 дан ортиқ Франция ва Ўзбекистон компанияларини бирлаштиради ҳамда 95 мамлакатда 121 та палатани ўз ичига олган CCI France International тармоғига киради.

Меморандум доирасида палата университет ва бизнес ўртасида воситачи вазифасини бажаради.

Томонлар бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Улар қаторида талабалар амалиёти, дуал таълим ва талабаларни биринчи иш жойи билан таъминлаш, шунингдек, палатага аъзо компаниялар мутахассисларининг ўқув жараёнида иштирок этиши бор.

Палата университет дастурларини компаниялар ўртасида тарғиб қилади. Талабалар бизнес учрашувлари, тематик нонушталар ва саноат объектларига ташрифларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, томонлар биргаликда касб ярмаркалари ва Карьера кунларини ўтказади ҳамда хорижда академик ва профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун CCI France International тармоғидан фойдаланади.

«Компанияларимизга муҳандислар ва бошқарув мутахассислари керак, университет эса ҳар йили айнан шу йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлайди. Етишмаган нарса талаб ҳам, таклиф ҳам эмас, балки улар ўртасидаги йўл эди. Биз бугун ана шу йўлни очмоқдамиз», — деди Алишер Ҳайтметов.

Ўзбек-Француз университети талабаларни учта йўналиш бўйича тайёрлайди: коммуникациялар ва тиллар, энергетика муҳандислиги, транспорт ва логистикани бошқариш.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.