Спорт

Отабек Умаров Халқаро кураш ассоциацияси президенти лавозимига номзод этиб кўрсатилди

Отабек Умаров Халқаро кураш ассоциацияси президенти лавозимига номзод этиб кўрсатилди
Отабек Умаров Халқаро кураш ассоциацияси президенти лавозимига номзод этиб кўрсатилди / Фото: Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Остона шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро кураш ассоциациясининг (ХКА) XXII конгресси иштирокчилари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаровни ташкилот президенти лавозимига номзод этиб кўрсатишни бир овоздан қўллаб-қувватлади. Ассоциация раҳбари сайлови 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган.

Конгресс ишида Ўзбекистон делегацияси, жумладан, Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда сўзга чиққан Отабек Умаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида курашни ривожлантириш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси раиси ва Халқаро кураш ассоциациясининг фахрий президенти ҳисобланади.

Конгресс иштирокчилари ассоциациянинг 2025–2026 йиллардаги фаолияти якунларини кўриб чиқди. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, курашни жаҳон миқёсида ривожлантириш ва мусобақаларни ўтказиш тизимини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Қозоғистон, Литва, Шри-Ланка, Иордания, Франция, Сурия, Швейцария, Арманистон, Италия, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн миллий федерациялари ХКА таркибига қабул қилинди.

Бундан ташқари, делегатлар мусобақа қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, ҳакамлик тизимини ривожлантириш ва спортчиларнинг халқаро рейтингини такомиллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Халқаро кураш ассоциацияси раҳбари бўйича якуний қарор ташкилотнинг 2027 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги конгрессида қабул қилинади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.