Олий Мажлис Сенати туризм саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг парламент юқори палатаси раиси Танзила Нарбаева бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишида туризм саноатини янада ривожлантириш ва унинг мамлакат иқтисодиётига қўшадиган ҳиссасини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида Туризм қўмитаси раиси А. Аққуловнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда биринчи ярим йилликда хизматлар соҳаси қарийб 17 фоизга ўсганлиги ва бунда туризм хизматларининг улуши салмоқли даражада ортганлиги, шунингдек, сўнгги йилларда туризм миллий иқтисодиётимизнинг стратегик жиҳатдан муҳим сектори сифатида ривожланиб бораётганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, уни замонавий бошқарув усуллари асосида ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик инфратузилмасини яхшилаш, юқори даромадли сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ҳамда тиббий, гастрономик, МIСE, экотуризм, қишки ва экстремал туризм каби истиқболли йўналишларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.