Спорт

Ўзбекистонда теннисни ривожлантириш чоралари тасдиқланди

Ўзбекистонда теннисни ривожлантириш чоралари тасдиқланди
Ўзбекистонда теннисни ривожлантириш чоралари тасдиқланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2030 йилга қадар теннисни оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди. Тегишли қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрда қабул қилинган ПҚ–347-сон қарори билан белгиланди.

Ҳужжатда ушбу спорт турини ривожлантириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. 2030 йилга қадар теннис билан мунтазам шуғулланадиганлар сонини 3 минг нафарга, мураббийлар сонини эса 200 нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг теннис бўйича Осиёнинг кучли 5 та давлати қаторига кириши ва ушбу спорт турини истиқболли спорт йўналишлари қаторига қўшиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.

2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда Профессионал теннисчилар ассоциацияси (ATP), Халқаро теннис федерацияси (ITF) ва Халқаро теннис ассоциацияси (WTA) шафелигида халқаро теннис мусобақалари мунтазам равишда ўтказиб борилади.

Ҳар йили ўтказиладиган мусобақалар қаторига ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги, ўғил болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати, катталар ўртасида халқаро Uzbekistan Open турнири ҳамда эркаклар ўртасида ATP Challenger турнири ҳам киритилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларида Juniors Tennis Initiative дастури жорий этила бошлайди. 1–4-синф ўқувчилари учун жисмоний тарбия дарслари доирасида теннисга қизиқишни шакллантиришга қаратилган бошланғич машғулотлар ташкил этилади.

Теннисни янада ривожлантириш учун мактаблар ўқувчиларнинг қизиқиши ва спорт инфратузилмаси мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинади. Танланган таълим муассасаларида теннис секциялари ташкил этилиб, уларнинг моддий-техник базаси яхшиланади.

Ўзбекистон Теннис федерацияси маблағлари ҳисобидан секциялар спорт анжомлари, жумладан, tennis wall жиҳозлари билан таъминланади. Машғулотларни тегишли умумий ўрта таълим ташкилотлари жойлашган ҳудуддаги спорт мактабларидан жалб этилган мураббийлар ўтказади.

Қарор билан Осиё ва Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари миқдорига ҳам ўзгартишлар киритилди. Олтин медаль учун спортчиларга 25 минг доллар, кумуш медаль учун 12,5 минг доллар, бронза медаль учун эса 6 250 доллар миқдорида мукофот пули берилади.

Осиё ва Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган мураббийларга эса олтин медаль учун 10 минг доллар, кумуш медаль учун 5 минг доллар ва бронза медаль учун 2 500 доллар миқдорида тўловлар белгиланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.