Ўзбекистонда суғурта агентлари фаолияти қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистонда суғурта агентлари фаолияти қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистонда суғурта агентлари фаолияти қоидалари тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурта соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар доирасида «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Суғурта агентлари тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 2 июнда 3845-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низом билан суғурта агентлари фаолиятини амалга ошириш тартиби, уларнинг суғурталовчилар билан ўзаро муносабатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, воситачилик фаолияти механизмлари, шунингдек уларнинг фаолияти устидан назорат қилиш тартиби белгилаб берилди.

Ҳужжатга мувофиқ, суғурталовчи ва суғурта агенти ўртасидаги агентлик шартномаларини Агентликнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида идентификация рақами (ID) бериш орқали рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Шунингдек, суғурта агентлари фаолиятига чекловлар киритилади ҳамда бозордаги инсофсиз иштирокчилар реестри шакллантирилади.

Алоҳида қайд этилишича, банк кредитлари билан боғлиқ суғурта шартномаларини тузишда суғурта агентларининг иштирокига (банкларнинг ўз тадбиркорлик таваккалчиликларини суғурталаш бундан мустасно) фақат Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган суғурталовчилар номидан йўл қўйилади.

Низом шунингдек суғурта агентлари малакасини ошириш бўйича талаблар, суғурта қилдирувчиларга тўлиқ маълумот тақдим этиш мажбуриятлари, шунингдек фаолият шаффофлигини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини назарда тутади.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши суғурта бозорини янада самарали тартибга солиш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг