Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Швейцария таълим ташкилотлари озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида мутахассислар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Учрашувда Swiss-SASEM, Global Swiss Learning (GSL) ва HEAT Central Asia вакиллари иштирок этди.
Томонлар асосий эътиборни халқаро тажрибани жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқишга қаратди.
Швейцария томони озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги ва қайта ишланишига бағишланган «Food Quality, Safety & Processing» дастурини тақдим этди.
Учрашув иштирокчилари ўзбекистонлик мутахассисларни Швейцарияда ўқитиш, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда амалий машғулотлар ўтказиш ва рақамли таълим платформаларидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Давлат инспекторлари, лаборатория мутахассислари ва ветеринария соҳаси ходимлари учун ихтисослаштирилган курсларни ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай дастурлар озиқ-овқат саноати корхоналари ҳамда умумий овқатланиш ташкилотлари ходимлари учун ҳам мўлжалланиши мумкин.
Бундан ташқари, томонлар илмий-тадқиқот муассасалари ва Қўмита тизимидаги малака ошириш ташкилотлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Кун тартибидан қўшма таълим лойиҳалари ва уларни молиялаштиришнинг эҳтимолий механизмлари ҳам ўрин олди.
Учрашув якунида иштирокчилар ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро таълим стандартларини илгари суриш ва малакали кадрлар тайёрлашдан манфаатдор эканини билдирди.