Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида Хитойнинг Tong Ke Real Estate LTD компанияси билан қурилиш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
24 ноябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компания раҳбари Ян Бо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар ҳудудда қурилиш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.
Tong Ke Real Estate вакиллари компания Фарғона вилоятида амалга оширишни режалаштираётган лойиҳаларни тақдим этди.
Музокара иштирокчилари уларни амалга оширишнинг эҳтимолий механизмлари ва истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Хайрулло Бозоров ўзаро манфаатли ва истиқболли инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, таклифларни аниқ режалар ва ҳисоб-китобларга таянган ҳолда пухта ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар таклиф этилган лойиҳалар устида ишлашни давом эттириш ва ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини белгилашга келишиб олди.