Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Туркистондаги янги масжид билан танишдилар
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Туркистондаги янги масжид билан танишдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан биргаликда Туркистон шаҳрида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган масжид билан танишдилар.
Мажмуанинг умумий майдони 7 гектардан зиёдни ташкил этади, унда 5 мингдан ортиқ киши намоз ўқиши мумкин. Муҳташам ансамбль тўртта 70 метрлик минора ҳамда асосий зал ва анъанавий айвонларни ўз ичига олган уч қаватли бош бинодан иборат.
Ислом ва Шарқ меъморчилигининг энг яхши анъаналарига мувофиқ барпо этилган жоме масжидида миллий нақшлар, шарқона гумбазлар, баланд миноралар ҳамда замонавий қурилиш технологиялари уйғун қиёфа касб этган. Масжиднинг ички безагида ислом хаттотлик ва наққошлик санъати намуналаридан кенг фойдаланилган.
Атрофдаги 4,2 гектар майдонни ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда яшил майдонлар, йўлаклар, дам олиш жойлари, ёритиш тизимлари, манзарали қурилмалар ва фавворалар барпо этилмоқда.
Ўзбекистон томонидан қардош Қозоғистон халқи ҳамда Туркистон аҳолисига туҳфа сифатида қуриб битказилган ушбу муҳташам мажмуа икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва маданий яқинлик, яхши қўшничилик ҳамда иттифоқчилик муносабатларининг ёрқин ифодаси бўлгани таъкидланди.
Қуръони оятлари тиловат этилиб, қардош халқларимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
#Шавкат Мирзиёев