Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон ва Корея гуруч етиштиришни рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 15.08.2026 · 17:40 · 29 views
Ўзбекистон ва Корея гуруч етиштиришни рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Корея гуруч етиштиришни рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилишди / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институтида Корея Республикасининг Макро қишлоқ хўжалиги сиёсати бўлими Халқаро қишлоқ хўжалиги ҳамкорлиги маркази директори Сангҳюн Ким билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда институт директори Абдулло Мансуров меҳмонларга институт фаолияти, шоличилик йўналишида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, янги навлар яратиш, замонавий агротехнологияларни ишлаб чиқиш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.

Мулоқотда шоличиликни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, шоли етиштириш жараёнидаги муаммоларни олдиндан аниқлаш ва прогнозлаш, экинлар ҳолатини масофадан мониторинг қилиш, агротехник тадбирларни оптималлаштириш ҳамда ҳосилдорликни башорат қилиш имконини берувчи замонавий рақамли платформа яратиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, илмий-тадқиқот натижаларини рақамли маълумотлар базасига интеграция қилиш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш, мутахассислар ва ёш олимларнинг малакасини ошириш ҳамда икки давлат олимлари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар шоличиликда рақамли ва инновацион технологияларни ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаб олдилар.