«Навоийуран» соф фойдасини 136 фоизга оширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат корхонаси «Навоийуран» 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра қарийб 4,3 трлн сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 136,1 фоизга кўп. 2025 йил январь-июнь ойларида корхонанинг соф фойдаси 1,8 трлн сўмни ташкил этган. Бу ҳақда «Навоийуран» маълумотлари далолат бермоқда.
Ҳисобот даврида корхонанинг соф тушуми йиллик ҳисобда 101,8 фоизга ошиб, 9,7 трлн сўмга етди. Ялпи фойда 109,1 фоизга кўпайиб, 7 трлн сўмдан ошди.
Биринчи ярим йиллик якунига келиб, «Навоийуран» активлари 19,8 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70,5 фоизга кўп. Капитал 60,1 фоизга ошиб, 15 трлн сўмга етди. Тақсимланмаган фойда эса 73,3 фоизга кўпайиб, 13,3 трлн сўмни ташкил қилди.
Корхонанинг сўнгги 12 ойдаги фойдаси 7,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 56,6 фоизга кўп.
Шу билан бирга, ҳисобот даври якунига келиб, «Навоийуран»нинг узоқ муддатли банк кредитлари ҳажми бир йил аввалги 1,6 трлн сўмдан 3,6 трлн сўмга ошди.
Bloomberg маълумотларига кўра, 2026 йилнинг иккинчи ярмида «Навоийуран» IPO’сини ўтказиш ва компания акцияларининг 10–15 фоизини жойлаштириш кутилмоқда. Бироқ материал тайёрланган вақтда корхона ҳали давлат компаниясидан акциядорлик жамиятига айлантирилмаган эди.