Хитой компанияси Қўқондаги университет билан лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Shaanxi Foreign Economic & Trade Construction Group Co., Ltd.” (SFETCG) компанияси раҳбари Цинь Цзяньбанг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Қўқон шаҳрида ташкил этилган мулоқотда таълим ва туризм соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Мазкур компания Қўқон давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, бир қатор лойиҳа таклифларини тайёрлаган. Учрашувда илғор тажриба ва илмий ёндашувлар асосида Қўқон шаҳрида туризм салоҳиятини ошириш, шунингдек, университет билан тиббиёт ҳамда инклюзив таълим бўйича шериклик ўрнатиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни аниқ лойиҳалар доирасида давом эттиришга келишилди.
“SFETCG” — Хитойнинг Шэньси провинциясида ташкил этилган йирик давлат компанияси бўлиб, халқаро қурилиш, муҳандислик ва ташқи савдо йўналишларида фаолият юритади. Компания Марказий Осиё ва Ўзбекистон бозоридаги иштирокини изчил кенгайтириб бормоқда.