Ўзбекистон ва Tuoren Group тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Шинжон тиббий буюмлар саноати ассоциацияси (Xinjiang Medical Device Industry Association) ижрочи президенти, Xinjiang Yixun Medical Device Co., Ltd. компанияси бошқаруви раиси ҳамда Хитойнинг "Tuoren Group" компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотнинг асосий мавзуси Ўзбекистонда тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалаларига қаратилди.
Хитой томони "Tuoren Group" компаниясининг анестезиология, интенсив терапия ва гемодиализ йўналишларида тиббий ускуналар ҳамда сарф материаллари ишлаб чиқариш борасидаги тажрибаси ва халқаро салоҳиятини тақдим этди.
Айниқса, гемодиализ учун тиббий ускуналар ва сарф материалларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш бўйича қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва янги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Мазкур ҳамкорлик тиббий буюмлар импортини қисқартириш, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва замонавий тиббий технологияларни Ўзбекистонда ўзлаштириш учун янги имкониятлар яратади.