Ўзбекистон ноқонуний қурилиш учун жарималарни оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (парламент) ноқонуний қурилиш учун жарималарни ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳасини 88 депутат ёқлаб, 15 нафари қарши овоз берди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси билан Шаҳарсозлик кодекси ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик, яъни ноқонуний қурилишларни амалга ошириш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бош режа, мастер-режа ва қурилиш лойиҳаси талабларини бузган ҳолда амалга ошириш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳажмдан катта бўлган иморатлар, бино ва иншоотларни ваколатли органни хабардор этмасдан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Соҳада Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг шаҳарларни комплекс ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ноқонуний қурилишларни қисқартириш, қурилиш бозорида ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш, ер ва кўчмас мулк ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Шунингдек, фуқароларнинг кўп квартирали уйлар қурилишига йўналтирилаётган маблағларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳоли учун урбанизация тамойиллари асосида хавфсиз ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга ҳуқуқий замин яратади.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.