Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Технологиялар

Темурийлар мероси 3D анимацияда: хориж музейларидаги 50 та тарихий ашё рақамлаштирилади

Дилафруз Ниязова · 11.08.2026 · 18:45 · 27 views
Темурийлар мероси 3D анимацияда: хориж музейларидаги 50 та тарихий ашё рақамлаштирилади
Темурийлар мероси 3D анимацияда: хориж музейларидаги 50 та тарихий ашё рақамлаштирилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Темурийлар даври илм-фан, меъморчилик, адабиёт, тасвирий ва амалий санъат юксак тараққий этган, жаҳон тамаддуни тарихида алоҳида ўрин тутган давр сифатида эътироф этилади. Бу даврга оид моддий ва маданий мероснинг бир қисми бугун хорижий музейлар, кутубхоналар ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда.

Энди ана шу меросни замонавий технологиялар асосида ўрганиш ва рақамлаштиришга қаратилган илмий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан “Олима аёллар” танлови доирасида молиялаштирилган “Xorijiy muzeylarda saqlanayotgan temuriylarga oid ashyolarning 3D modeli va animatsion tasvirini yaratish”  лойиҳасининг асосий мақсади — хорижда сақланаётган Темурийлар даврига оид тарихий ашёларни аниқлаш, илмий тавсифлаш ва уларнинг 3D моделлари ҳамда анимацион тасвирларини яратишдан иборат.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида Россия, Буюк Британия ва Туркия музейларида сақланаётган Темурийлар даврига оид ашёлар қамраб олинади.

Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, тарқоқ ҳолда сақланаётган Темурийлар мероси ягона рақамли ва илмий ахборот маконига жамланади.

Шу кунгача Россия, Буюк Британия ва Туркия музейларига амалий сафарлар давомида 50 та тарихий ашёнинг юқори сифатли фотоматериаллари тўпланган. Ушбу материаллар асосида тарихий ашёларнинг рақамли 3D моделлари яратилади. Шунингдек, мавжуд тарихий картиналар анимацияга айлантирилиб, видео маҳсулотлар тайёрланади. Ҳар бир ашё ҳақида ўзбек тилида илмий тавсиф ва аннотация берилади, дейди лойиҳа раҳбари Дилафруз Қурбонова.

Яратилган 3D моделлар музейлар, таълим муассасалари, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун замонавий рақамли ресурс вазифасини бажаради. Шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейининг temurid.uz сайти янги илмий ва визуал контентлар билан бойитилади.

Рақамли контентларнинг кўпайиши музей меросини виртуал муҳитда намойиш этиш, тарихий ашёлар билан кенгроқ аудиторияни таништириш ва маданий туризмга қизиқишни ошириш учун қўшимча имконият яратади.

Лойиҳа доирасида яратилган 3D моделлар ва анимацион маҳсулотларни интеллектуал мулк сифатида ҳимоя қилиш ҳам режалаштирилган. Келгусида ушбу рақамли маҳсулотлар Ўзбекистон ва хорижий музейлар ўртасида илмий-маданий ҳамкорликнинг янги инновацион лойиҳаларини амалга ошириш учун хизмат қилиши кутилмоқда.