Риштонда инвесторлар иштирокида технопарк ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Yanjin Shop Food Co., Ltd.” компанияси бош директори Чжан Сюэу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда вилоятимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган “Hunan Zhongwei Group Co., Ltd.” компанияси директори Чен Минбо ҳам иштирок этди.
Мулоқотда Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур компания Хитойнинг озиқ-овқат саноатида фаолият юритувчи йирик ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири бўлиб, соҳада катта тажриба ва салоҳиятга эга.
Учрашув давомида инвесторлар томонидан вилоятимиз ҳудудларида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш йўналишларида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар борасида маълумот берилди.
Вилоят ҳокими қишлоқ хўжалиги соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб этиш ва маҳсулотларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, лойиҳалар қўллаб-қувватланиши ва зарур кўмак кўрсатилишини маълум қилди.
Белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга келишиб олинди.