Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли трансформация ва сунъий интеллектни муҳокама қилишди

UzDaily · 18.06.2026 · 17:20 · 24 views
Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли трансформация ва сунъий интеллектни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли трансформация ва сунъий интеллектни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17 июнь куни Жаҳон банкининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича вице-президенти Сангбу Ким ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Жаҳон банкининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича минтақавий директори Мишел Керф, Ўзбекистондаги лойиҳалар раҳбари Анастасия Александрова ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосари Умид Абидхаджаев, Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси Абдулазиз Хайдаров ва бошқа маъсуллар иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар замонавий технологияларга асосланган янги иқтисодиётни ривожлантириш, вазирлик фаолият йўналишларида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, инновацион экотизимни кенгайтириш ҳамда халқаро тажриба ва илғор ёндашувлар асосидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Хусусан, томонлар замонавий иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисмлари ҳисобланган IТ, сунъий интеллект, стартаплар, рақамли ечимлар ва янги технологик лойиҳаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Ушбу йўналишлар мамлакатда юқори қўшилган қиймат яратиш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда инновацион ривожланиш учун янги имкониятлар очиши таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт, инновациялар, IТ ва стартап экотизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади. Меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатда замонавий технологияларни кенг жорий этиш, инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар салоҳиятини янги иқтисодиёт эҳтиёжларига йўналтириш учун муҳим имкониятлар яратаётганини таъкидлади.

Шунингдек, ёшларнинг замонавий билим ва компетенцияларини ошириш масаласига эътибор қаратилди. Жумладан, рақамли кўникмалар, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш салоҳияти, стартап лойиҳаларини шакллантириш ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ёшлар учун қулай муҳит яратиш янги иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилди.

Муҳокамаларда томонлар яримўтказгичлар соҳасини ривожлантириш истиқболлари истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Мазкур йўналиш глобал технологик занжирларнинг муҳим бўғини бўлиб, саноат, электроника, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва юқори технологияли ишлаб чиқариш тармоқларининг барқарор ривожланиши билан бевосита боғлиқ экани алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар юқоридаги йўналишлар юзасидан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.

UzDaily · 👁 24 views · 18.06.2026 · 17:20