Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва IHG тиббиёт марказларини модернизация қилишни муҳокама қилишди

UzDaily · 16.06.2026 · 16:55 · 25 views
Ўзбекистон ва IHG тиббиёт марказларини модернизация қилишни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва IHG тиббиёт марказларини модернизация қилишни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 июнь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Буюк Британиянинг "International Hospitals Group" (IHG) компанияси бош директори Честер Кинг билан учрашув ўтказди.

Соғлиқни сақлаш инфратузилмасини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва бошқаришга ихтисослашган "International Hospitals Group" компанияси шу кунга қадар дунёнинг 55 та мамлакатида 500 дан ортиқ йирик тиббий лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган.

Мулоқот чоғида томонлар Қибрай туманидаги Республика наркология марказини модернизация қилиш ва тўлиқ қайта таъмирлаш, шунингдек, Психик саломатлик ва қарамликни даволаш бўйича миллий илғор тажриба марказини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Британия томони замонавий даволаш, реабилитация ҳамда илмий фаолиятни ўзида мужассам этган мажмуанинг бош режасини тақдим этди. Мазкур концепция дастлаб 150 та ўринга мўлжалланган бўлиб, келгусида уларнинг сонини 250 тага етказиш имкониятини кўзда тутади.

Учрашув иштирокчилари лойиҳани молиялаштириш механизмлари, муассаса бошқаруви, кадрлар тайёрлаш ва халқаро клиник стандартларни жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш, техник ва молиявий масалаларни биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда лойиҳанинг навбатдаги босқичларини жадаллаштиришга келишиб олдилар.

UzDaily · 👁 25 views · 16.06.2026 · 16:55