Ўзбекистон ва Грузия туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда 17 август куни туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган биринчи Ўзбекистон-Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтади. Тадбирда Грузиянинг 10 дан ортиқ етакчи туризм компаниялари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистон туризм бизнеси вакиллари билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.
Форумдан олдин, 15 август куни Тошкентдаги Туризм қўмитаси биносида икки давлат туризм соҳаси вакиллари ўртасида икки томонлама B2B учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Музокаралар давомида иштирокчилар тажриба алмашади ҳамда янги туристик йўналишларни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистон ҳамда Грузия компаниялари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилади.
Бизнес-форумнинг ўтказилиши икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашиши ва туризм соҳаси вакиллари томонидан янги лойиҳаларни амалга ошириш учун шароит яратиши кутилмоқда.