Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Charité тадқиқот ташкилоти клиник синовларни муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 10.08.2026 · 12:00 · 26 views
Ўзбекистон ва Charité тадқиқот ташкилоти клиник синовларни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Charité тадқиқот ташкилоти клиник синовларни муҳокама қилишди / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Германиянинг етакчи контракт тадқиқотлар ташкилотларидан бири — Charité Research Organisation раҳбарияти билан онлайн учрашув ўтказди.

Мулоқотда ташкилот бош ижрочи директори, профессор Франк Вагнер (Frank Wagner) билан Ўзбекистонда клиник тадқиқотлар соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, клиник синовлар инфратузилмасини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва соҳада малакали мутахассислар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида немис томонига мамлакатимизда фармацевтика тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, клиник тадқиқотларни ўтказиш учун шакллантирилаётган ҳуқуқий ва институционал муҳит, шунингдек, «BioPharma City» фармацевтика кластери имкониятлари тақдим этилди.

Хусусан, кластер ҳудудида ташкил этилаётган замонавий тадқиқот марказлари, виварий, GMP ва GLP талабларига мувофиқ инфратузилма, шунингдек, хорижий инвесторлар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Томонлар Ўзбекистонда халқаро талабларга жавоб берадиган клиник тадқиқотларни ташкил этиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологиялар ва тажрибани жорий этиш, шунингдек, мутахассислар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар.