Ўзбекистон ва Беларусь делегациялари АЭС қурилишини кўздан кечирди
Ўзбекистон ва Беларусь делегациялари АЭС қурилишини кўздан кечирди/Фото: «Ўзатом» агентлиги
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 20 июль куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ачилбай Раматов, Беларусь Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич, «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмадхўжаев ҳамда Беларусь энергетика вазири Денис Мороз Жиззах вилояти Фариш туманида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси қурилиш майдонига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги хабар қилди.
Ташриф давомида делегациялар лойиҳанинг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларининг бориши, ёрдамчи инфратузилманинг яратилиши ҳамда бўлажак станцияни барпо этишнинг асосий босқичлари билан танишди.
Томонлар Ўзбекистонда атом электр станциясини барпо этишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, объектни лойиҳалаш, қуриш ва кейинчалик эксплуатация қилиш босқичларида экспертлар кўмагини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.
Урашув иштирокчилари, шунингдек, атом соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, амалий тажриба алмашиш ва икки мамлакатнинг соҳавий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.