Ўзбекистон ва Мьянма қўшма бизнес-форумга тайёргарлик кўрмоқда
Ўзбекистон ва Мьянма қўшма бизнес-форумга тайёргарлик кўрмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Мьянма Иттифоқи Республикаси Савдо-саноат палаталари федерацияси (UMFCCI) Бош котиби Хине Хине Нве бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда август ойида Мьянма делегациясининг Ўзбекистонга режалаштирилаётган ташрифи доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон–Мьянма бизнес-форуми ҳамда унга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди. Форумда 50 нафарга яқин Мьянманинг етакчи компаниялари ва бизнес вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Музокаралар давомида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, пойабзал ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника, заргарлик, кимё саноати, туризм, тиббиёт ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари белгиланди.
Мьянма томони Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити, замонавий саноат инфратузилмаси ҳамда ишлаб чиқариш салоҳиятини юқори баҳолади. Ўзбекистон томони эса мамлакатимизни МДҲ давлатлари бозорига, Мьянмани эса АСЕАН мамлакатлари бозорига чиқишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик платформаси сифатида ривожлантириш имкониятларини таъкидлади.
Якунда томонлар тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, тармоқ уюшмалари ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ва Мьянма Савдо-саноат палаталари ўртасида англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришди.