Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг футбол бўйича Олимпия терма жамоаси U-23 XX ёзги Осиё ўйинларининг гуруҳ босқичи иккинчи турида Қувайт терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.
Учрашув Япониянинг Нагоя шаҳридаги CS Asset Minato Soccer Stadium стадионида бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибидаги ҳар икки голни Сардор Баҳромов урди.
Икки турдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси 6 очко тўплади ва мусобақанинг чорак финалига чиқишни муддатидан олдин кафолатлади.
Гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси Вьетнам терма жамоаси билан ўйнайди. Учрашув 22 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Осиё ўйинларининг эркаклар футбол турнирида 15 та жамоа иштирок этмоқда. Улар тўртта гуруҳга бўлинган. Учта гуруҳда тўрттадан терма жамоа, яна бир гуруҳда эса учта жамоа иштирок этади.