Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида янги шартномалар имзолади

UzDaily · 17.06.2026 · 18:15 · 24 views
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида янги шартномалар имзолади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида янги шартномалар имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги САEх мажмуасида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилаётган кўргазма мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим майдонга айланди. Форум доирасида қатор истиқболли инвестициявий ва технологик ҳамкорлик келишувлари имзоланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Украинанинг чорвачилик ва агротехнологиялар соҳасида фаолият юритувчи «Братслав» компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда замонавий чорвачилик технологияларини жорий этиш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

Келишув доирасида илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, чорвачилик тармоғининг самарадорлигини ошириш, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик амалга оширилади.

Шунингдек, форум доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Италиянинг “Gamma Meccanica S.p.A.” компанияси ўртасида ҳам ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат изоляция материаллари ишлаб чиқариш, пластик чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларини жорий этиш, айланма иқтисодиёт тамойилларини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва саноат ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган.

Томонлар ушбу ҳамкорлик орқали замонавий технологияларни жалб этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда инновацион саноат лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашишга келишиб олдилар.

UzDaily · 👁 24 views · 17.06.2026 · 18:15