Ўзбекистон Осиёдаги конференцияларда ўзининг фармацевтика салоҳиятини намойиш этди
Ўзбекистон Осиёдаги конференцияларда ўзининг фармацевтика салоҳиятини намойиш этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "The 2nd Asia-Pacific Conference on the Quality of Traditional Medicine" ҳамда "International Conference on Traditional Chinese Medicine and Herbal Medicine" халқаро конференциялари доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари мазкур нуфузли тадбирлар ишида иштирок этди.
Конференция давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, шунингдек Фармацевтика техник университетининг кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва академик алмашинувни ривожлантириш бўйича имкониятлари тақдим этилди.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда фармацевтика соҳаси учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Конференция иштирокчилари Фармацевтика техник университетида таълим ва илмий фаолиятни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва университетнинг илмий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳоладилар.