Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қарз олувчиларнинг даромадларини ҳисобга олган ҳолда таълимни молиялаштириш ва таълим кредитларини қайтариш бўйича Британия тажрибасини ўрганмоқда.
Лондонда республика делегацияси Student Loans Company ташкилоти вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ўрин олган. Ташрифда Солиқ қўмитаси департаменти директори Турабек Тураев ҳам иштирок этмоқда.
Учрашув давомида томонлар Британияда олий ва ўрта махсус таълимни молиялаштириш моделини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, таълим кредитларини маъмурий бошқариш тартиби ва маблағларни қайтариш механизмлари алоҳида ўрганилди.
Иштирокчилар қарз олувчиларнинг даромадларига қараб тўловлар миқдорини ҳисоблаш амалиётига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, таълим кредитлари бўйича тўловларни ҳисобга олиш ва ундиришда солиқ тизимидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация Ўзбекистонда таълим кредитлари тизимини такомиллаштиришда Британия тажрибасининг айрим жиҳатларидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.