Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Мозори-Шарифда Фарғона савдо уйи очилди

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 13:40 · 34 views
Мозори-Шарифда Фарғона савдо уйи очилди

Мозори-Шарифда Фарғона савдо уйи очилди / Сурат: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Балҳ вилоятининг Мозори Шариф шаҳрида Фарғона вилояти Савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, икки ҳудуднинг расмий вакиллари ҳамда тадбиркорлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.

Мозори Шариф шаҳрида Фарғона савдо уйининг очилиши ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб, икки томон ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.Савдо уйини ташкил этишга ёрдам берган "Kamal Nabizada Ltd" компаниясига миннатдорчилик билдирилди.

Мазкур савдо уйи Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларни Афғонистон бозорига кенг жорий этиш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри кооперацион алоқаларни ривожлантириш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Савдо уйида Фарғона вилоятининг 240 дан зиёд корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, бу ерда Фарғона вилояти вакиллари доимий фаолият юритиб, афғон ҳамкорлардан буюртмалар қабул қилади ва экспорт шартномаларини ташкил этишга кўмаклашади.

Тадбир иштирокчилари савдо уйи фаолияти билан танишдилар.

Ташриф доирасида Фарғона вилояти томонидан Мозори Шариф шаҳридаги Абу Али ибн Сино Балхий шифохонасига замонавий тиббий жиҳозлардан иборат инсонпарварлик ёрдами топширилди.