Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Мирзиёев инвесторлар учун янги устувор йўналишларни белгилаб берди

UzDaily · 17.06.2026 · 16:40 · 33 views
Мирзиёев инвесторлар учун янги устувор йўналишларни белгилаб берди

Мирзиёев инвесторлар учун янги устувор йўналишларни белгилаб берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Тадбирда Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Янги тараққиёт банки раҳбари Дилма Русеф ҳамда бошқа кўп томонлама молия институтлари, хорижий банклар, глобал корпорациялар, йирик компаниялар, инвестиция фондлари ва ишбилармон доиралар вакиллари ҳам қатнашди.

Форум 100 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингдан зиёд делегат ва иштирокчиларни бир жойда йиғгани унинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро ҳамжамиятнинг ишончи мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон халқаро инвесторлар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шериклик учун доимо очиқ эканини таъкидлади.

Жаҳон иқтисодиётида шиддатли трансформация жараёнлари кечаётган ва рақобат кучайиб бораётган шароитда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, барқарор иқтисодий ўсиш ва кенг имкониятларни таъминлашга қодир бўлган мамлакатларга сармоя киритишга интилиш тобора ортиб бораётгани кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар аниқ натижалар бермоқда. Ўтган йили мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди, жорий йилда эса ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга етди.

Макроиқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамлангани муҳим ютуқ бўлди: миллий валюта барқарорлиги сақланиб қолмоқда, халқаро захиралар эса 70 миллиард доллардан ошди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 миллиард доллари охирги беш йилга тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз халқаро рейтинглардаги ўз позицияларини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Жумладан, “Иқтисодий эркинлик индекси”да мамлакат илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.

Жорий йилги форум “Инвестициявий барқарорлик: янги марралар ва янги шериклик” мавзусига бағишланди. Давлатимиз раҳбари инвестиция муҳитининг барқарор ривожланиши мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадларига эришишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Бу борада инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ишбилармонлик фаолиятини юритиш учун замонавий экотизим яратиш бўйича олтита устувор йўналиш белгиланди.

Инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар тизимини янада кучайтириш биринчи йўналиш сифатида кўрсатилди.

Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиб, у махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган янги институционал платформа сифатида фаолият юритади.

Марказ иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари, капиталнинг эркин ҳаракати кафолатлари ҳамда исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятини бериш назарда тутилган. Марказ инфратузилмасини шакллантириш доирасида мустақил молиявий регулятор ташкил этилади, рақамли активлар, “яшил” молия учун замонавий тизим яратилади.

Шунингдек, чет эллик судьялар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида халқаро арбитраж механизмларини жорий қилиш ва тижорат судини ташкил этиш ҳамда БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш режалаштирилмоқда.

– Ушбу чоралар натижасида инвесторлар Ўзбекистоннинг ўзида кафолатланган халқаро ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз ўз нутқида капитал бозорини жадал ривожлантириш ва янги авлод молия технологияларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан ортиқ облигациялар жойлаштирди ҳамда Лондон биржасида охирги беш йилдаги энг йирик IPOни амалга оширди.

Халқаро капитал бозорларига чиқишга янги компанияларни тайёрлаш жараёни давом этмоқда ҳамда муқобил инвестиция воситаларини ривожлантириш учун капитал бозори ва инвестиция жамғармалари тўғрисидаги қонунларни ўз ичига олган ҳуқуқий база шакллантирилмоқда.

Суверен ислом облигациялари – сукук дастури амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётига катта ҳажмдаги инвестициялар оқимини жалб қилиш учун қўшимча манба бўлади.

Кейинги стратегик йўналиш сифатида юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш белгиланди.

Барча саноат тармоқларида янги технологик босқичга ўтиш бўйича йирик дастурлар амалга оширилмоқда. Яқин йилларда саноатда юқори технологияли маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробарга кўпайтириш режалаштирилган.

Кимё саноати, машинасозлик ва робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника ва фармацевтика каби драйвер тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишларнинг умумий инвестиция салоҳияти ўнлаб миллиард долларга баҳоланмоқда.

– Сизларнинг “янги иқтисодиёт” тармоқларидаги ташаббусларингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – деди Президентимиз.

Ўзбекистон етакчиси умумий қиймати 3 триллион долларга баҳоланган муҳим минераллар ва бошқа ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш ҳамда хорижий инвесторлар иштирокида “Келажак металлари” технопаркларини ривожлантиришнинг аҳамиятига ҳам урғу берди.

Устувор йўналишлар қаторида “яшил” энергетика ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳам қайд этилди.

Яқин истиқболда мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади. Шу билан бирга, энергияни сақлаш тизимлари ривожлантирилади, электр тармоқлари модернизация қилинади ҳамда “яшил” энергия ҳисобига ишлайдиган дата-марказлар барпо этилади.

Сунъий интеллектни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий интеллектни жорий этиш бўйича Миллий стратегия доирасида таълим, давлат хизматлари ва бизнесни рақамли трансформация қилишга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун имтиёзли инвестиция шароитлари ва солиқ режимига эга бўлган махсус зона ташкил этилмоқда.

Махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар марказини ишга тушириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Хорижий экспертлар таҳлилларига кўра, ушбу янги йўналиш камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратиш салоҳиятига эга.

– Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, ундан таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат, – деди Президент.

Минтақавий транспорт-логистика боғлиқлигини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ҳамкорлар билан биргаликда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш, Трансафғон йўлагини барпо этиш ҳамда “Ўрта коридор” транспорт йўналишини ривожлантириш каби йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

– Ушбу лойиҳаларни тўлиқ рўёбга чиқариш эвазига Осиё ва Европани боғлайдиган транспорт магистраллар тармоғига қўшиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Авиация ва логистика соҳасида ҳам йирик мегалойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, йилигa 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган янги Тошкент халқаро аэропорти қурилмоқда.

Олтинчи устувор йўналиш ҳудудларни ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масалаларини қамраб олди.

Мамлакатимизда жадал демографик ва иқтисодий ўсиш шароитида уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик бўйича йирик дастурлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги шаҳар – “Янги Тошкент” барпо этилмоқда, йирик ҳудудий марказлар миллионли шаҳарларга айлантирилмоқда.

– 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини 2 карра ошириб, урбанизация даражасини ҳозирги 51 фоиздан 65 фоизга етказишни режа қилганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Туризм соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу иқтисодиёт йўналиши мамлакатимизда ҳар йили 15-20 миллион чет эллик сайёҳларни қабул қилиш ва уларга йилига камида 15 миллиард долларлик туризм хизматлари кўрсатиш имконини беради.

Шунингдек, агросаноат мажмуасини трансформация қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Ҳозирда бу кўрсаткич йилига 3,5 миллиард долларни ташкил этаётган бўлса, келажакда уни 10 миллиард долларга олиб чиқиш истиқболлари мавжуд. Президентимиз инвесторлар билан ишлаш жараёнига ҳудуд раҳбарларини фаол жалб қилиш ва бу борада жойларда лойиҳавий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Нутқ якунида Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашларининг минтақавий альянсини ташкил этиш бўйича таклиф қўллаб-қувватланди. Ушбу ташаббус умумий инвестиция маконини шакллантириш учун асос бўлиши мумкин.

Президентимиз ҳузуридаги Инвесторлар кенгаши доирасида сармоядорлар билан доимий мулоқотни янада ривожлантиришга Ўзбекистон тайёр экани тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари инвестиция фақатгина иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари ва давр билан ҳамнафас тараққиёт эканини таъкидлади.

Якунда Президентимиз мамлакатимизга катта ишонч ва ғоялар билан келаётган хорижий сармоядорларга Янги Ўзбекистоннинг эшиклари ҳамиша очиқлигини айтди.

– Тошкент инвестиция руҳи барчангизни мамлакатимизга доим чорлаб туришига, умумий муваффақият рамзига айланишига ишонаман. Юртимизнинг гўзал табиати, бетакрор маданияти ва олижаноб халқимизнинг меҳмондўст қалби эса дўстлигимизни мустаҳкамлаш учун ўзига хос инвестиция бўлишига аминман, – деди давлатимиз раҳбари.

UzDaily · 👁 33 views · 17.06.2026 · 16:40