Ўзбекистон

Миграция агентлиги Москвадан Тошкентга автобус чипталари билан боғлиқ фирибгарликдан огоҳлантирди

Миграция агентлиги Москвадан Тошкентга автобус чипталари билан боғлиқ фирибгарликдан огоҳлантирди
Миграция агентлиги Москвадан Тошкентга автобус чипталари билан боғлиқ фирибгарликдан огоҳлантирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлиги фуқароларни Москвадан Тошкентга автобус чипталарини сотиб олиш билан боғлиқ фирибгарлик схемаларидан огоҳлантирди. Фирибгарлар Uzautotrans Service компанияси автобусларининг фотосуратлари ва видеоларидан фойдаланиб, ноқонуний ташувларни расмий рейслар сифатида тақдим этмоқда.

 

Агентлик маълумотларига кўра, сафар ҳақидаги эълонлар ижтимоий тармоқлар ва YouTube каналларида жойлаштирилмоқда. Йўловчилар мурожаат қилганидан сўнг, фирибгарлар расмий рейслар учун чипталар кассаларда қолмаганини айтиб, уларни тўғридан-тўғри ўзларидан қимматроқ нархда сотиб олишни таклиф қилади. Бироқ йўловчилар ваъда қилинган рейс ўрнига ноқонуний автобусларда йўлга чиқарилади.

Агентлик Uzautotrans Service компанияси Москвадан Тошкентга мунтазам автобус қатновларини душанба ва пайшанба кунлари амалга оширишини эслатди. Автобуслар «Новоясеневская» ва «Котельники» автостанцияларидан жўнайди ҳамда Тошкент автовокзалига етиб келади.

Чипталарни кўрсатилган автостанциялар кассаларидан, шунингдек, тегишли мобил иловалар ва веб-сайтлар орқали онлайн харид қилиш мумкин.

Мунтазам рейслар учун чипта нархи 8 500 рублни ташкил этади. Шу кунлари ташкил этиладиган қўшимча рейслар учун эса нарх 7 000 рубль этиб белгиланган.

Агентлик фуқароларни фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун чипталарни фақат расмий каналлар орқали сотиб олишга ва ташувчи ҳақидаги маълумотларни текширишга чақирди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.