Мажлисда низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мажлисда низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси энг аввало, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилади. У билан низосиз ишларни кўриш осонлашмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларидаги суд буйруғи тартибида кўриладиган айрим низосиз талабларга оид ишларнинг доираси қайта кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, энди ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кўп бўлган тақдирда суд томонидан буйруқ тартибида кўриб чиқилади. Мазкур миқдордан кам бўлган низосиз талабларга доир ишлар нотариуслар томонидан кўриб чиқилади.
Қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган сумманинг миқдори нотариус томонидан бундай нотариал ҳаракатни амалга оширганлик учун сарфланадиган ҳақиқий харажатлар миқдорига мувофиқлаштирилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар суд тизими самарадорлигини ошириш, низосиз талабларни ҳал этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда нотариал хизматлар қамрови ва сифатини оширишга қаратилгани таъкидланди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.