Ўзбекистон Конституциявий суд орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилишни кенгайтирмоқчи
Ўзбекистон Конституциявий суд орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилишни кенгайтирмоқчи / Сурат: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини Конституциявий суд томонидан ҳимоя қилинишининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасига кўра, судлар ташаббуси билан Олий суд томонидан муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги масаласи юзасидан Конституциявий судга мурожаат киритилганда тегишли иш юритувини тўхтатиш белгиланмоқда.
Шунингдек, Конституциявий суд муайян ишда қўлланилган қонунни Конституцияга мувофиқ эмас деб топган тақдирда суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишнинг мустақил процессуал асосини белгилаш назарда тутилмоқда. Конституциявий суд қарорлари асосида суд ишларини қайта кўриш ва иш юритишни қайтадан бошлаш тартиби аниқ белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд амалиётида ҳуқуқий аниқликни таъминлайди, бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш имкониятларини кенгайтиради, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этади
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.