Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро шаҳрида 2026 йил 15 сентябрь куни нефть объектида содир бўлган ёнғиндан сўнг атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли PM10 заррачалари миқдори белгиланган меъёрдан ошгани қайд этилди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Шаҳарда жойлашган автоматик мониторинг станцияси маълумотларига кўра, соат 01:00 дан 21:00 гача бўлган даврда PM2.5 заррачаларининг ўртача концентрацияси 27,3 мкг/м³, PM10 заррачалариники эса 122 мкг/м³ни ташкил этган. Бу 1,6 ПДКга тенг.
Олтингугурт диоксиди (SO₂)нинг ўртача кўрсаткичи 0,016 мг/м³, азот диоксиди (NO₂) — 0,002 мг/м³, углерод оксиди (CO) эса 0,185 мг/м³ни ташкил этган.
14 сентябрдаги кўрсаткичлар билан солиштирганда PM2.5 ва PM10 майда дисперсли заррачалари концентрацияси бироз ошгани қайд этилган.
Шу билан бирга, асосий назорат қилинадиган газсимон ифлослантирувчи моддалар — SO₂, NO₂ ва CO бўйича белгиланган меъёрлардан ошиш ҳолатлари автоматик мониторинг станцияси томонидан қайд этилмаган.